Слуцкийнинг «Шанхай»и ОЧЛда «Бурирам Юнайтед»га ютқазди
«Шанхай Шенхуа» Осиё Чемпионлар лигасида етти турдан кейин плей-оффга чиқиш имкониятини бой берди. Саккизинчи турда «Бурирам Юнайтед»га қарши учрашув Леонид Слуцкий жамоаси учун мусобақа билан хайрлашиш олдидан сўнгги имконият эди, бироқ бу сафар ҳам «эшикни қарсиллатиб ёпиш»нинг иложи бўлмади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Таиланд клуби 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. «Бурирам Юнайтед» биринчи бўлимнинг дастлабки дақиқаларидаёқ икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди: 11-дақиқада Гуд Кўртис, 22-дақиқада эса Супханат Муеанта гол урди. Орадан кўп ўтмай «Шанхай Шенхуа» бир футболчига кам бўлиб қолди ва ўйиндаги интрига деярли сўнди.
Қайд этилишича, Леонид Слуцкийнинг «Шанхай Шенхуа» билан амалдаги шартномаси 2027 йил охиригача мўлжалланган.
