Чилаверт «Бенфика» футболчисини ҳимоя қилди ва Винисиусни танқид қилди
Парагвайлик собиқ дарвозабон Хосе Луис Чилаверт Чемпионлар лигаси ўйинида юз берган можарода «Бенфика» футболчиси Жанлука Престианнини қўллаб-қувватлади. Аввалроқ «Реал» вингери Винисиус Жуниор Престианнини учрашув давомида ўзига нисбатан ирқчилик қилганликда айблаганди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Чилавертнинг айтишича, вазият бирёқлама баҳоланмаслиги керак. «Мен Престианнини қўллаб-қувватлайман. Винисиус биринчи бўлиб ҳаммани кетма-кет ҳақорат қилишни бошлайди», — деди у Radio Rivadavia эфирида.
Эслатиб ўтамиз, УЕФА «Бенфика» — «Реал» учрашувидан кейин ҳолат бўйича суриштирув бошлаган. Бироқ агар ҳақоратли сўзлар бўлган тақдирда ҳам, уларни исботлаш қийин бўлиши мумкин — Престианни эпизод пайтида оғзини футболкаси билан беркитиб олгани қайд этилган.
Жамоалар ўртасидаги жавоб ўйини 25 февраль куни бўлиб ўтади. «Реал» илк учрашувда сафарда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонгани сабабли кичик устунликка эга.
Чилаверт можарога яна бир саволни ҳам қўшди: «Реал»даги футболчиларнинг 90 фоизи — қора танли. Нега муаммо фақат Винисиусда пайдо бўлади?»
