Аргентина футбол раҳбари коррупция иши бўйича сўроқ қилинади
Аргентина футбол ассотиацияси (AFA) президенти Клаудио Тапиа ижтимоий бадаллар тўланмагани юзасидан очилган иш доирасида прокуратурага сўроққа чақирилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ушбу ишда ташкилот ғазначиси Пабло Товигино ҳам фигурант сифатида тилга олинмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари икки амалдорга ҳам мамлакатни тарк этишни тақиқлади.
Сўроқ 5 март куни бўлиб ўтиши белгиланган. Тергов AFA томонидан ижтимоий бадаллар бўйича давлат ғазнасига 13 млн доллар етиб келмагани ҳақидаги маълумотлардан сўнг бошланган.
Шунингдек, Тапиа тасарруфидаги 10 гектарлик, вертолёт майдончаси мавжуд бўлган кўчмас мулк ҳам шубҳа остига олинган.
Прокуратура футболчиларга берилган бонуслар миқдори ҳамда Тапианинг дунё бўйлаб парвоз харажатлари ўртасидаги тафовутга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
