Радимов «Ювентус» ҳимоясидаги хатоларни кескин танқид қилди
Россия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси, «Зенит»даги фаолияти билан танилган Владислав Радимов Италиянинг «Ювентус» жамоаси ўйини ҳақида фикр билдирди. Турин клуби кетма-кет тўртта учрашувда ғалаба қозона олмаяпти ва ҳар сафар камида иккитадан гол ўтказиб юбормоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Радимовнинг таъкидлашича, ҳимояда жуда содда хатолар кўп: футболчилар ўз жарима майдонида тўп билан ортиқча овора бўлиб, натижада кулгили голлар ўтказиб юборяпти. Унингча, жамоада ҳужум ва ҳимоя ўртасидаги мувозанат етишмаяпти.
Ҳозирда «Ювентус» А Серияда 46 очко билан бешинчи ўринда бормоқда. 21 февраль куни кечқурун жамоа 26-тур доирасида жадвалда бир поғона пастдаги «Комо» билан майдонга тушади.
