«Ал-Наср» мураббийи Роналдуга навбатдаги ўйинда дам беради
«Ал-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналду нега яқинлашиб келаётган учрашувда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши баҳс олиб боради. Португалиялик юлдуз ҳужумчи қисқа фурсатда яна жамоа сафида кўриниши кутилаётганди, бироқ бу ўйинда ҳам у рўйхатдан жой олмади.
«Зич тақвим сабаб Роналду ва асосий таркибдаги бир қатор футболчиларга дам беришга қарор қилдик. Олдинда «Ал-Фатҳ»га қарши жуда муҳим учрашув бор», — дея Жезушнинг сўзларини келтиради Al Nassr Zone.
Мутахассис Роналду учун бундай танаффус янгилик эмаслигини ҳам қўшимча қилди: у Саудия Арабистони ташқарисида ўтадиган айрим ўйинларда аввал ҳам иштирок этмаган.
Саудия чемпионатидаги «Ал-Фатҳ» — «Ал-Наср» учрашуви шанба куни, 14 февралда бўлиб ўтади.
