2100 йилгача Антарктида ярим ороли музлари кескин камаяди
Халқаро олимлар гуруҳи тайёрлаган навбатдаги ҳисоботга кўра, Антарктида ярим оролидаги муз қоплами 2100 йилга бориб тахминан 20 фоизга қисқариши мумкин. Мутахассислар бундай ўзгариш глобал миқёсда денгиз сатҳининг сезиларли даражада кўтарилишига олиб келиши эҳтимолини таъкидламоқда.
Қайд этилишича, энг салбий сценарийда ярим орол ҳудудидаги музлар XXI аср охирига қадар деярли бешдан бир қисмга камайиши мумкин. Бу эса пингвинлар, китлар ва бошқа қутб ҳайвонлари яшаш муҳитига жиддий салбий таъсир кўрсатиши, шу билан бирга, минтақа ташқарисида ҳам турли хавфли ва ҳалокатли жараёнлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Тадқиқотнинг бош муаллифи, Ньюкасл университети профессори Беван Дейвиснинг сўзларига кўра, Антарктидада кузатилаётган ўзгаришлар оқибати фақат маҳаллий ҳудуд билан чекланиб қолмайди.
Унинг таъкидлашича, муз қопламининг қисқариши денгиз сатҳининг кўтарилиши, океан ва атмосфера ўртасидаги ўзаро таъсирнинг ўзгариши ҳамда глобал айланиш жараёнларига таъсир кўрсатиши орқали дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам иқлимга боғлиқ салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
