Галатасарайда маошлар кечикмоқда, клуб ичида муаммо бор
Коньяспорга кутилмаган мағлубиятдан сўнг Галатасарай атрофида хавотирли хабарлар тарқалди. TR24 портали маълумотига кўра, жамоа футболчилари маошларини ололмаяпти. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Манбага ишонилса, бундай ҳолат уч ойдан бери давом этмоқда. Клуб раҳбарияти эса вазият юзасидан расмий изоҳ бермаётгани ОАВ ва мухлислар қизиқишини янада кучайтирмоқда.
Маҳаллий журналист Ҳалик Юрекли сўнгги воқеалар фонида Галатасарайнинг чемпионлик имкониятлари ҳам шубҳа остида қолаётганини таъкидлади.
Шунга қарамай, жамоа чемпионат жадвалида 55 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Бироқ 52 очкога эга ва битта ўйини захирада бўлган Фенербахче Галатасарайга етиб олиши мумкин.
