«Ал-Наср» аутсайдер дарвозасига беш гол урди, Роналду ҳам гол муаллифи
Саудия Арабистони чемпионатининг 23-турида «Ал-Наср» сафарда турнир жадвалининг энг қуйи поғонасида бораётган «Ал-Нажма» меҳмони бўлди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашув бошида Жоау Фелиш ўнг қанотдан узатилган тўпни чап томондан етти метрдан воле услубида йўллади, аммо зарба тўсинига тегди. Орадан кўп ўтмай Криштиану Роналду 11 метрлик жаримадан чап бурчакка аниқ зарба бериб ҳисобни очди. 31-дақиқада Садио Мане чап қанотдан Брозовични тезликка чиқариб юборди, у эса дарвозага яқин ҳудудга узатма берди ва Кингсли Коман бурилиб туриб ўнг бурчакка йўллади. Биринчи бўлим охирларида меҳмонлар бурчак тўпини ҳам самарали якунлади: Иниго Мартинес 23 метрдан паст зарба берди, дарвозабон эса тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборди.
Иккинчи бўлимда Мане Роналдуни дарвозабон билан юзма-юз чиқарди, бироқ португалиялик вазиятдан фойдалана олмади. 52-дақиқада Навваф ал-Бушайл жарима майдонига ёриб кириб, марказга пас узатди: Роналду зарба бермай, чап томондаги Манега оширди ва Мане тўпни тўсин остига аниқ жойлаб, ҳисобни йириклаштирди. Кейинроқ «Ал-Наср» яна бир неча хавфли вазият яратди, якунда эса бурчакдан узатилган тўпни Иниго Мартинес боши билан узоқ бурчакқа йўллаб, ўйинга нуқта қўйди.
Натижада «Ал-Нажма» турнир жадвалида сўнгги ўринда қолмоқда. «Ал-Наср» эса таъқибчиларидан икки очко олдинда бориб, пешқадамликни сақлаб турибди.
