Компани «Дортмунд»га қарши кучли таркиб тузиш мумкинлигини айтди
Мюнхеннинг «Бавария» жамоаси бош мураббийи Венсан Компани Дортмунднинг «Боруссия»сига қарши муҳим учрашув олдидан жамоанинг таркиб борасидаги вазиятга тўхталди. Аввалроқ немис гранди бир қатор йўқотишларга учраган: Мануэл Нойер, Олисе, Павлович, Ито ва Ким Мин Жэ сафдан чиққанини хабар қилинганди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Компани журналистлар билан суҳбатда матбуот анжуманидан сўнг тиббий штаб билан алоҳида йиғилиш бўлишини, футболчиларнинг ҳолати бўйича энг сўнгги маълумотларни шу ерда олишини айтди. Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳозирча вазият ижобий кўринмоқда, бироқ айрим ўйинчилар «Боруссия»га қарши баҳсни бошланғич таркибда бошламаслиги мумкин. Шунга қарамай, «Бавария» майдонга жуда кучли таркиб тушириш имконига эга.
«Боруссия» — «Бавария» учрашуви шанба куни, 28-февралда бўлиб ўтади. Бундеслиганинг 24-тур ўйини 22:30 да (Тошкент вақти билан) старт олади.
Шунингдек, Компани аввалроқ Мануэл Нойернинг бўлажак беллашувда майдонга тушиши эҳтимоли ҳақида ҳам фикр билдирган.
