Гвардиола Зидан футбол учун ноёб шахс эканини айтди
"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола "Реал"нинг собиқ устози Зинедин Зидан ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Гвардиола Зиданнинг аввал футболчи сифатидаги порлоқ фаолиятини, кейин эса мураббий сифатида "Реал"ни кетма-кет уч бор Чемпионлар лигаси ғолибига айлантирганини алоҳида таъкидлади.
"Зидан жуда ҳам зўр эди, жуда ҳам зўр. У энг буюклардан бири. Унинг ўйини, ўзини тутиши — ҳақиқий жентлмен. Мураббий сифатида "Реал" билан Чемпионлар лигасида уч марта ғалаба қозонган. Футбол Зинедин каби буюк шахсларга муносиб", — дея Гвардиоланинг сўзларини beIN SPORTSга таяниб "Gazeta.Ru" келтирди.
Чемпионлар лигаси 1/8 финалида "Манчестер Сити" "Реал"га қарши майдонга тушади. Учрашувлар 11 ва 17 март кунлари бўлиб ўтади.
Шунингдек, ишончли маълумотларга кўра, Зидан ёзда мураббийлик фаолиятига қайтиши мумкин: у Жаҳон чемпионатидан сўнг Франция терма жамоаси бошқарувида Дидье Дешамнинг ўрнини эгаллаши эҳтимоли юқори.
