Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов 76 ёшни қарши олди
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов кеча 76 ёшни қарши олди. Санъаткорнинг мухлислари ва ихлосмандлари уни туғилган куни билан табриклаб, ижтимоий тармоқларда илиқ ва самимий тилаклар қолдиришди.
Ғуломжон Ёқубов 1950 йил 1 март куни таваллуд топган. У Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тамомлаган. Хонанда кучли ва ёқимли овози, ижрочиликдаги эмоционал ва кўтаринки руҳга бой услуби билан ажралиб туради.
Санъаткор репертуарида кўплаб машҳур қўшиқлар мавжуд. Жумладан, "Зилола", "Элим деб","Феруз", "Дилором", "Бегойим", "Қомат", "Кетолмайсан" ва бошқа асарлари мухлислар орасида кенг оммалашган.
Шунингдек, Ғуломжон Ёқубов бир қатор кинокартиналарда ҳам рол ижро этган. Хусусан, "Шайтанат" телесериали ҳамда "Катта ҳовли" фильми орқали томошабинларга актёр сифатида ҳам танилган.
