«Барселона» собиқ устози Жоан Лапорта ҳақида кескин фикрлар билдирди
"Барселона" клубининг собиқ бош мураббийи Хави Эрнандес жамоа президенти Жоан Лапорта билан боғлиқ можаро ҳақида очиқ гапирди. Испаниялик мутахассис клуб раҳбарияти унга қарши оммавий ахборот воситалари орқали махсус кампания уюштирганини таъкидлади. Хавининг сўзларига кўра, президент футболчилар билан яширинча суҳбатлашиб, мураббий уларни сотиб юбормоқчи эканлиги ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган. Бу ҳолат жамоа ичидаги муҳитга салбий таъсир кўрсатган.
Хави айниқса Серхи Роберто, Араухо, Педри ва Рафинья каби футболчилар билан боғлиқ вазиятга тўхталди. Унинг таъкидлашича, у ҳеч қачон бу ўйинчиларни тарк этишини истамаган ва унинг қўлида сотилиши керак бўлган футболчилар рўйхати бўлмаган. Хави фақат битта трансфер масаласини муҳокама қилганини, аммо одоб юзасидан унинг номини ошкор қилмаслигини билдирди. У Лапортанинг ўн нафар футболчини жамоадан ҳайдашни режалаштиргани ҳақидаги гапларини мутлақо асоссиз ва ёлғон деб атади.
La Vanguardiaа нашрига берган интервьюсида Хави ҳалол бўлмаган инсонларга ишониб бўлмаслигини алоҳида қайд этди. 46 ёшли мутахассис 2021 йилдан 2024 йилгача "Барселона"ни бошқарган даврда Испания чемпионлиги ва мамлакат суперкубогини қўлга киритган эди. Бироқ, клуб раҳбарияти билан юзага келган келишмовчиликлар унинг истеъфосига сабаб бўлди. Аввалроқ Хави 2023 йилда Лионель Мессини қайтаришга жуда яқин бўлганини, бироқ Лапорта бу трансферни тўхтатиб қўйганини ҳам ошкор қилганди. Ушбу баёнотлар "Барселона" атрофидаги вазиятни янада чигаллаштирмоқда.
