Эрон АҚШ ва Исроилни қўллаб-қувватловчиларга қарши кескин чора кўради
Эрон Бош прокуратураси хорижда истиқомат қилаётган ва AҚШ ҳамда Исроилнинг Эрон давлатига нисбатан олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаётган ўз фуқароларига нисбатан кескин қарор қабул қилди. Расмий баёнотга кўра, ушбу давлатлар билан ҳамкорлик қилаётган ёки уларнинг ҳаракатларини маъқуллаётган эронликларнинг мамлакат ҳудудидаги барча мол-мулки мусодара қилиниши белгиланди. Прокуратура вакиллари бу фақатгина бошланиш эканлигини, келгусида қонунчилик доирасида янада қатъий ҳуқуқий чоралар кўрилишини маълум қилди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, айни дамда Эрон ташқарисида 5 миллионга яқин эронлик истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти AҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатларида жойлашган бўлиб, кўплаб таниқли шахслар ижтимоий тармоқлар орқали Эрон раҳбариятини кескин танқид қилиб келмоқда. Хусусан, улар AҚШ ва Исроилнинг ҳарбий операцияларини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, расмий Теҳрон сиёсатига қарши чиқмоқда.
Эрон ичкарисида бошланган оммавий норозилик намойишларидан сўнг, хориждаги эронлик диаспора вакиллари ҳам фаоллашди. Улар мунтазам равишда Америка ва Европа шаҳарлари кўчаларига чиқиб, ўз ватанидаги намойишчиларни қўллаб-қувватлашини намойиш этмоқда. Расмий Теҳрон эса бу каби ҳаракатларни давлат хавфсизлигига таҳдид деб баҳоламоқда. Ҳукуматнинг ушбу янги қарори хориждаги мухолиф кайфиятдаги фуқароларга босим ўтказиш ва уларнинг молиявий имкониятларини чеклашга қаратилган навбатдаги қадам сифатида кўрилмоқда.
