Мавжуд бўлмаган “Cобалт”ни 15 кишига сотган йигит ушланди
Сурхондарё вилоятида мавжуд бўлмаган “Cobalt” автомобилини сотиш баҳонасида бир неча фуқароларни алдаб, пул ўзлаштирган шахс қўлга олинди.
Маълум бўлишича, Қумқўрғон туманида яшовчи 27 ёшли йигит Телеграм мессенжерида сохта профиль очиб, турли гуруҳ ва каналларда “Cobalt” автомобили сотилиши ҳақида эълонлар жойлаштирган. У харидорларни жалб қилиш мақсадида машина нархини бозор баҳосидан анча арзон қилиб кўрсатган.
Гумонланувчи харидорлар билан ёзишмалар давомида уларга автомобилга янги шиналар қўйиш кераклигини айтиб, олдиндан пул ўтказишни сўраган. Фуқаролар пул юборгач эса, у ёзишмаларни ўчириб ташлаб, алоқани узган.
Тергов ҳаракатлари давомида ушбу шахс Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида яшовчи уч нафар фуқарога жами 8 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказгани аниқланган. Умумий ҳисобда эса у 15 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларнинг пул маблағларини ўзлаштиргани маълум бўлди.
Ҳозирда гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Суд қарори билан унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
