Ҳўрмуз бўғози очилиши бўйича Эроннинг позицияси қандай бўлмоқда?
Теҳрон ҳозирда Ҳўрмуз бўғози орқали навбатдаги ўтишни истаган айрим давлатлар билан дипломатик музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи маълум қилди, аммо у қайси давлатлар эканини очиқламаган.
Ароқчи шундай деган: якуний қарор ҳарбийлар қўлида, яъни сиёсий келишувдан ташқари ҳарбий кузатув ва назорат муҳим рол ўйнайди. Кейинчалик Эрон ТИВ вакили Исмоил Бағоний баъзи давлатлар кемаларига махсус рухсат берилиб, улар бўғоздан ўтказилганини тасдиқлади.
Мутахассислар фикрига кўра, Теҳрон Ҳўрмузни тўлиқ очиш эмас, балки танлаб рухсат бериш сиёсати орқали бошқармоқда. Бу эса сиёсий босимни камайтириш ва глобал нефть бозоридаги кескинликлардан ҳимоя қилиш мақсадини кўзлайди.
Шу пайтда, АҚШ президенти Дональд Трамп Европа иттифоқчиларига мурожаат қилиб, уларни бўғозни очиш ҳаракатларига қўшилишга чақирди. У ҳатто, агар ёрдам бўлмаса, НАТО учун “жуда ёмон келажак” кутаётганини таъкидлади.
Бироқ Европа давлатлари, жумладан Буюк Британия, Германия ва Франция ҳамда бошқа НАТО аъзолари Яқин Шарқдаги ҳарбий иштирокни кенгайтирмасликларини билдиришди. Таҳлилчилар фикрига кўра, АҚШ истаса, куч қўллаб бўғозни очиши мумкин, аммо бу катта хавф ва глобал кескинликка олиб келади.
Бундан ташқари, Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ очиш учун эҳтимол, қуруқлик амалиёти ҳам зарур бўлиши мумкин. Бу эса узоқ давом этадиган ва катта йўқотишларга олиб келиши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ.
Шу тариқа, Ҳўрмуз бўғози муаммоси нафақат минтақавий, балки глобал сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб, Эрон, АҚШ ва Европа давлатлари орасидаги сиёсий стратегияларни синовдан ўтказмоқда.
