"Рома" футболчиси уйига босқин: қуролли ўғирлик содир бўлди
Сешанбага ўтар кечаси Италияда нохуш воқеа юз берди — “Рома” клубининг марокашлик яримҳимоячиси Нейл Эл Айнауи яшайдиган уйга қора кийимдаги олти нафар номаълум шахслар бостириб кирди. Бу ҳақда маҳаллий нашр — Messaggero хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, қуролланган босқинчилар уйга деразалар орқали кириб келган. Улар тўппонча билан таҳдид қилиб, 24 ёшли футболчи, унинг онаси, акаси, қиз ўртоғи ҳамда акасининг қиз ўртоғини бир хонага қамаб қўйишган. Воқеа жуда қисқа вақт ичида, аммо катта хавф ва қўрқув билан кечгани таъкидланмоқда.
Жиноятчилар уйдан тахминан 10 минг евро қийматидаги заргарлик буюмлари, қимматбаҳо соатлар ва дизайнерлик сумкаларини олиб чиқиб кетишган. Ҳозирча гумонланувчиларни қўлга олиш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Нейл Эл Айнауи “Рома” сафига 2025 йил ёзида Франциянинг “Ланс” клубидан келиб қўшилган эди. У жорий мавсумда 36 та ўйинда иштирок этиб, 1 та гол ва 1 та голли узатма муаллифи бўлган.
Ушбу ҳодиса футболчилар хавфсизлиги масаласи янада жиддий эътибор талаб қилаётганини кўрсатмоқда.
