Росеньор "Челси"даги инқироз сабабларини очиқча тушунтирди
Лондоннинг "Челси" жамоаси сўнгги турларда кутилмаган натижалар билан мухлисларни ўйлантириб қўймоқда. Айниқса, "Эвертон"га қарши баҳсда 0:3 ҳисобидаги мағлубият кўплаб саволларни юзага келтирди.
Ушбу учрашувдан сўнг мураббий Лиэм Росеньор вазиятга изоҳ бериб, жамоадаги пасайишга асосий сабаб сифатида чарчоқ омилларини кўрсатди. Унинг таъкидлашича, футболчиларнинг жисмоний ҳолати ва зич ўйинлар тақвими жамоа натижаларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Буни баҳона сифатида қабул қилишларини истамайман, лекин ўйинлар сони ва бажарилган иш ҳажмига назар ташласангиз, барчаси аён бўлади”, — дея таъкидлади мутахассис.
Росеньорга кўра, миллий жамоалар ўйинлари учун берилган танаффус жуда ўз вақтида келган. У футболчиларга қисқа муддатда бўлса-да, тикланиш ва куч тўплаш имконияти зарурлигини алоҳида қайд этди.
Маълумки, "Челси" ўтган мавсум Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонгани сабабли, жамоанинг ёзги таътили қисқарган эди. Бу эса мавсум давомида жисмоний юклама ошишига олиб келган.
Айни пайтда лондонликлар АПЛ жадвалида 6-поғонада бормоқда. Бу натижа ёмон эмасдек кўринса-да, жамоанинг амбициялари бундан анча юқори экани аниқ.
Қисқача айтганда, “Челси” учун ҳозирги танаффус — restart тугмаси каби. Агар жамоа тўғри тикланса, кейинги турларда яна кучли қайтиш қилиш эҳтимоли бор.
