Ҳормуз ва Қизил денгиз: интернет узилиши хавфи борми?
Жаҳондаги муҳим денгиз йўллари — Ҳормуз бўғози ва Қизил денгиз атрофидаги эҳтимолий блокада нафақат энергетика бозори, балки глобал интернет тизими учун ҳам жиддий таҳдид солиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, айнан шу йўналишлар орқали ўнлаб сув ости интернет кабеллари ўтади. Ушбу инфратузилма орқали жаҳон интернет трафигининг тахминан 17–30 фоизи узатилади ва Европа, Осиё ҳамда Африка қитъалари ўзаро боғланади.
Ҳозирги кескин вазият сабаб, кабел ўрнатиш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи кемалар жанговар ҳудудларда иш олиб бора олмаяпти. Хусусан, Alcatel Submarine Networks форс-мажор ҳолатини эълон қилиб, йирик Meta/2Africa Pearls кабел лойиҳаси доирасидаги ишларини вақтинча тўхтатган.
Экспертлар фикрича, агар ушбу кабелларга зарар етказилса, бу глобал миқёсда жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Жумладан, интернет тезлигининг кескин пасайиши, банк тизимлари, булутли хизматлар ва сунъий интеллект платформаларининг ишида узилишлар кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.
Эътиборлиси, ҳатто тинч шароитда ҳам бундай сув ости кабелларини таъмирлаш 5–6 ойгача вақт олади. Демак, эҳтимолий узилишлар нафақат қисқа муддатли, балки узоқ давом этадиган глобал таъсирга эга бўлиши мумкин.
