Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент фаввора мажмуаси лойиҳаси билан танишди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида барпо этиладиган янги фаввора мажмуаси лойиҳаси билан батафсил танишди ва унинг барча техник ва эстетик ечимлари бўйича тавсиялар берди.
Лойиҳага кўра, Янги Тошкентда қарийб 8 гектар майдонда мусиқали ва визуал эффектларга бой фаввора мажмуаси барпо этилиши режалаштирилган. Сув ҳавзаси 6,3 гектардан иборат бўлиб, унинг 1,5 гектар майдонида мусиқа, ёруғлик ва динамик сув шоулари ўтказиш имкони яратилади.
Мажмуа таркибида 232 метр баландликкача сув ота оладиган супер фаввора, диаметри 100 метрли сузувчи платформа ва радиуси 185 метр бўлган 360 даражали сув экрани бор. Шунингдек, фаввора юзасида турли тасвирларни проекция қилиш, юқори қувватли лазер нурлари ва турли визуал эффектлардан фойдаланиш режалаштирилган.
Техник жиҳатдан насос, электр тизимлари, лазерли проекция ва бошқа механизмлар ер остидаги икки қаватли иншоотда жойлаштирилади. Атрофида эса яшил боғлар, дам олиш зонаси ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.
Давлат раҳбари лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва техник ечимларига алоҳида эътибор қаратди, замонавий савдо, овқатланиш ва сервис хизматларини юқори сифатда ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, жорий йилги Мустақиллик байрами муносабати билан шоу тадбирларини энг юқори даражада ўтказиш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Янги фаввора мажмуаси нафақат шаҳар кўринишини безатади, балки туристлар ва маҳаллий аҳоли учун ҳам замонавий дам олиш маконига айланиши кутилмоқда.
