“4 йилда 4 секунд ҳам тинчлик бўлмади…” — Зуҳра Солиева оғир ҳаётини очиқлади
Зуҳра Солиева — кўпчиликка қувноқ ва кулгили образлари орқали таниш актрисалардан бири. У экранда доимо кулгу улашса-да, ҳаётдаги оғир синовлари ҳақида ҳар доим ҳам гапиравермайди.
Актриса MY5 телеканалига берган интервюсида ўз ҳаётидаги оғир ва аччиқ ҳақиқатларни илк бор очиқ баён қилди.
Унинг сўзларига кўра, турмушидаги тўрт йил давомида деярли бирор лаҳза ҳам хотиржамлик бўлмаган:
“4 йил яшаган бўлсам, 4 секунд ҳам тинчлик бўлмади. Уриб, тепиб, пулларимни олиб қўярди. Ҳатто уйда бўлмаган пайтларимда уйга қизларни олиб келарди. Шундай оғир шароитда яшадим”, — дейди актриса.
Зуҳра Солиеванинг айтишича, жанжалларнинг асосий сабаби фарзанд масаласи бўлган:
“Кўпинча фарзандли бўл деб босим қиларди. Ҳатто баъзи пайтлар, стол устига 500 доллар қўйсанг шунда фарзандли қиламан дерди. Мен эса шунга ҳам рози бўлиб, пул берганман. Аммо у пулни олиб, эрталабгача йўқолиб кетарди”, — деб хотирлайди у.
Актриса шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги айрим изоҳларга ҳам муносабат билдирди. У кузатувчилардан “Нега фарзандли бўлмаяпсиз? Нега туғмайсиз? Тезроқ фарзандли бўлинг” каби саволлар билан қалбини оғритмасликни сўради.
“Мен соғлом аёл эдим. Менга фақат меҳр керак эди, холос. Агар ўша пайт билганимда, ёшим 80 га кирса ҳам бундай инсонга турмушга чиқмасдим”, — дея сўзларини якунлади актриса.
