Каннаваро: Мундиалдан олдин 2 та кучли клубга қарши майдонга тушамиз
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Габонга қарши беллашувдан аввал матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- "Биринчи ўринда кеч қолганимиз учун узр сўрайман. Кўчада тирбандлик бўлгани сабаб, биз кеч қолдик. Бу барибир ўртоқлик учрашуви бўлса ҳам биз яхши тайёргарлик кўрдик. Шунингдек, ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз, Кўплаб футболчиларни синовдан ўтказамиз. Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, биз Жаҳон чемпионатига яқинмиз".
- Бу йиғинда бироз кўпроқ ярим ҳимоячилар чақирилмадими? Ваҳоланки, вингерлар бу гал камроқ жалб этилди. Остон Ўрунов, Алишер Одилов ҳамда Достонбек Ҳамдамов. Майдон марказига 8 та футболчи кўп эмасми?
- "Агар мен учрашув давомида ўйин схемасини ўзгартирмоқчи бўлсам, ушбу ярим ҳимоячилар орқали ўйинга таъсир қила оламан. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, бу сафар мен 1 та ҳужумчи кўпроқ чақирдим".
- Габон терма жамоаси Пьер-Эмерик Обамеянгсиз келди. Бу жамоамизга қанчалик ёрдам беради?
- "Демак, биринчи навбатда мен ўз жамоамга эътибор бериб, тайёрлашим керак. Албатта, рақиб жамоани ҳам ўрганиб чиқамиз. Уларнинг охирги ўйинларини томоша қилиб чиқдик. Шубҳасиз, Пьер-Эмерик Обамеянг уларнинг энг кучли ҳужумчиси ва етакчиси ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам, биз бор эътиборимизни ўй ўйинимизга қаратганмиз. Тўғри, баъзида рақибимиз кучли бўлиши мумкин, баъзида эса кучсиз. Футболда номлар ўйнамайди, майдонда бу катта рол ўйнамайди. Чунки баъзан номдор ўйинчилар йўқ деб, биз эътиборимизни йўқотишимиз мумкин. Шу сабаб, биз номларга қарамасдан, майдонда бор кучимизни бериб ҳаракат қилишимиз керак".
- Жароҳата олган футболчилар ҳолати ҳақида мураббий фикр билдира оладими? Аббосбек Файзуллаев ва бошқа футболчилар ҳақида.
- "Бу ой давомида кўплаб футболчиларни кузатдик. Ҳаттоки, жароҳатланган футболчиларни кузатиб бордим. Шунингдек, Римда бўлиб ўтган уларнинг операциясига ҳам ташриф буюрдим. Менинг асосий вазифам - уларга умид бериш. Ҳеч кимда Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун умидлар йўқолмаган. Шуни ҳам айтишим керак, барча футболчилар учун терма жамоанинг эшиклари очиқ. Менинг асосий ишим яққол битта таркибни шакллантириш. Аббосбек Файзуллаев мен келганимдан буён жуда кўп жароҳат олди. Гарчи кўплаб жароҳатларга қарамасдан, биз қаттиқроқ ҳаракат қилишимиз керак. Биз билмаймиз Жаҳон чемпионатига ким боришини, сўнгги секундларгача барчани кузатиб борамиз".
- Эртанги ўйинда жанговар таркибни майдонга туширасизми ёки таркибга жалб қилинган янги футболчилар бошланғич таркибда бўладими?
- "Мен ушбу икки ўйин давомида барча ўйинчиларга имкон беришга ҳаракат қиламан. Сабаби, ушбу турнирдан мақсад ҳам шу - барча футболчиларни кўриб олиш".
- Биз биламизки бу Жаҳон чемпионати олдидан охирги ФИФА кунлари ҳисобланади. Бу таркибга жалб этилган футболчилар, мундиалга борадиган асосий футболчилар деб айта оламизми?
- "Бизнинг кенгайтирилган таркибимиздан 55 та футболчилар ўрин олган. Лекин шунга қарамасдан, бошқа футболчиларни ҳам кузатиб борамиз. Балки бошқа футболчилар ички чемпионатда ўзини яхши кўрсатса, таркибга қўшишимиз мумкин".
- Мазкур турнир учун қайднома эълон қилинганда ижтимоий тармоқларда айрим яхши формадаги футболчиларнинг таркибга қўшилмагани учун мухлислар орасида муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Агар сизда таркибни янада кенгайтириш имкони бўлганида, Суперлигадан яна қайси футболчиларни таркибга жалб қилган бўлар эдингиз? Яъни сизга ўйини ёққан, бироқ лимит борлиги сабаб чақира олмаган футболчиларингиз борми ва бўлса улар қайсилар?
- "Менинг ўзим чақиришни хоҳлаган футболчилар жуда ҳам кўп. Айниқса, Дубайдаги йиғинда ҳам биз кўплаб футболчиларни синовдан ўтказдик ва улар орасида ҳам мен чақиришни хоҳлаган ўйинчилар етарлича эди. Танлов кўплиги ҳам мен учун ёқимли дейиш мумкин. Бизда 55 талик рўйхат бор, улар орасида ёш футболчилар ҳам, тажрибали футболчилар ҳам бор. Албатта, исмларга тўхталмаган бўлар эдим. Мен йиғин давомида ҳар бир футболчи билан алоҳида гаплашиб чиқдим, мени хурсанд қилган жиҳат шуки, ҳар бир футболчи терма жамоага келганда қандайдир фахр туйғусини ҳис қилишади. Бу жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Биз йиғиндан ташқари, барча футболчилар билан телефонда гаплашамиз, уларнинг ҳолатини ўрганамиз, танишамиз. Мен ўйлайман, бу жуда ҳам муҳим ҳисобланади".
- Саволим учрашувлар ҳақида эмас, саволим Дел Пьеро билан бўлган подкаст ҳақида. Сиз у ерда айтиб ўтдингизки, Жаҳон чемпионатидаги пенальтилар сериясидаги босим ҳақида. Сиз бу борада футболчиларимиз билан ҳам гаплашиб турасизми? Биз биламиз охирги ўйинларда бизда бу билан муаммолар бўлмоқда.
- "Менимча, сиз Эронга қарши ўйинимиздаги пенальтилар сериясини кўрмагансиз шекилли. Биз ҳар бир машғулотларда пенальтилар устида ишлаймиз. Лекин баъзан машғулотлар ҳам ёрдам бера олмаслиги мумкин, сабаби баъзида футболчилар ичидаги ҳиссиёт ҳам катта саҳнага чиқади. Шу сабабдан, биз ҳар доим ўйинчилар билан гаплашиб, тажриба алмашамиз".
- Владимир Назаров нима сабабдан ушбу йиғинга жалб этилмади? Бу Суперкубокдаги хато билан боғлиқми ёки Ўткир Юсуповнинг яна сафга қайтгани билан боғлиқми? Шунингдек, бизнинг биринчи рақамли дарвозабонимиз маълумми?
- "Биз барча дарвозабонларни кузатамиз, ҳозирги кунда биз кимни маъқул деб топган бўлсак, кимларни терма жамоага лойиқ деб билган бўлсак, шуларни чақирдик. Шу боис, мен рўйхатда йўқ бўлган посбонлар ҳақида гапиришни истамасдим. Улар менга исботлаши керакки, мен хато қилганман уларни миллий терма жамоага чақирмасдан. Шу кунгача биз 5 та дарвозабонни синовдан ўтказдик, мен ўйлайман бу рақобатни анча кучайтириб беради".
- Бу расмий мусобақа, агар Габон ёки Венесуэла билан ўйнамаганимизда биз қайси жамоаларга қарши майдонга тушган бўлар эдик? Шунингдек, Эронда ҳаракат қилган футболчиларимизнинг ҳозирги ўйин амалиётсиз қолиб кетгани қанчалик таъсир қилади?
- "Албатта, биз Эрондаги футболчилардан ташвишдамиз, Яхшиямки, улар эрта қайтиб олишди. Биз ФИФАга сўров юбордик, улар тезроқ Суперлига клубларига ўтишлари бўйича. Ҳозирги кунда кучли клуб топишни ўзи қийин. Лекин Жаҳон чемпионати олдидан биз 2 та кучли клубга қарши майдонга тушамиз. Биттаси - Канада, иккинчи энди аниқ бўлади".
- Терма жамоа мураббийи учун танловлар бўлгани яхши. Лекин бизда жароҳатлар кўпаймоқда, биз уларни ўрнини қандай қилиб тўлдирамиз? Бундан ташқари, легионер футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати Суперлига футболчиларига нисбатан бироз яхшироқ.
- "Агар улар легионер сифатида ўйнашса, ҳақиқатдан кучли ҳисобланишади. Суперлигамиздаги муаммолардан бири - ўйин темпи юқори эмас. Маҳаллий футболчиларимизнинг ҳолати ҳар доим ҳам яхши ҳолатда эмас. Биламан, охирги ой бизда рўза ойи эди, кўплаб футболчилар рўза тутишди. Кўплаб футболчиларни кузатдик ва ўйинларнинг темпи ҳамда даражаси камайди. Мен ҳар доим уларга қўшишни, яхшилашни маслаҳат бераман. 100 фоиздан ҳам кўпроқ ишлаш керак. Ушбу ҳолатдаги менинг асосий хавотирим, даражаси эмас, уларнинг жисмоний ҳолати. Биламиз, Жаҳон чемпионати олдидан бизда 2 3 ҳафта вақт бўлади, лекин ушбу вақт ичида уларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга улгурмаймиз. Шунинг учун биз январдан буён бу устида ишлаб келяпмиз".
