Жавоҳир Синдаров Ҳикару Накамура устидан ҳам ғалаба қозонди (видео)
Ўзбекистонлик иқтидорли шахматчи Жавоҳир Синдаров 3 апрел куни Кипрнинг Пафос шаҳрида ўтказилаётган 2026 йилги Номзодлар турнирининг 5-турида америкалик гигант Ҳикару Накамурага қарши қора доналарда майдонга тушди ва яна бир муҳим ғалабага эришди.
Дунё рейтингида Магнус Карлсендан кейинги ўринда турган қудратли рақибига қарши Синдаров дебютданоқ тез ва аниқ ҳаракатлар амалга ошириб, Накамурани чўлга туширди. Накамура 13-юришини ўйлаш учун 67 дақиқадан ортиқ вақт сарфлади ва бу Жавоҳирга тактик устунликни таъминлади. Охирида америкалик шахматчи таслим бўлишга мажбур бўлди.
Бу ғалаба Синдаров учун турнирдаги тўртинчи ютуқ, шу билан бирга қаторда учинчи ғалаба ҳисобланади. Ҳозирча у 5 имкониятдан 4,5 очко тўплаб, турнирда пешқадамликни сақлаб қолмоқда. Шу билан Жавоҳир Номзодлар турнири тарихида стартдан шу қадар юқори натижа қайд этган илк ўзбекистонлик шахматчига айланди.
Қолаверса, Синдаров турнирнинг асосий фаворитларидан иккисини мағлуб этди: аввалроқ америкалик Фабиан Каруанани ҳам таслим қилганди, у жаҳон рейтингида учинчи ўринда эди. Яна бир ғалаба эвазига Жавоҳир дунё рейтингида ҳам қўшимча баллар қўлга киритди ва бешинчи ўринга кўтарилди. Ҳозирда дунёнинг энг кучли беш шахматчисидан иккиси ўзбекистонлик спортчилардир.
Энди Синдаров 4 апрел куни 6-тур доирасида хитойлик Вэй Ига қарши ҳаракат қилади. Турнир 29 мартдан 15 апрелгача давом этади ва унда жаҳоннинг етакчи саккиз нафар номдор шахматчиси қатнашмоқда.
Ҳар бир шахматчи икки даврада жами 14 партия ўйнайди, яъни олдинда яна 9 тур бор. Ғолиб пул мукофотларидан ташқари (ғолиблик учун 48 минг еврога эга бўлади, шунингдек ҳар ярим очко учун 3500 евродан олади) амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Доммараджу Гукешга қарши шахмат тожи учун кураш олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади.
Жавоҳирнинг маҳорати ва тезкор фикрлаш қобилияти мухлисларни янада ҳайратга солиб, Ўзбекистон шахмат тарихида янги рекордлар ва ҳисобига кирувчи ғалабаларни белгилаб бормоқда.
