АҚШ қирувчи самолёти Эрон устида уриб туширилди: экипаж аъзоларидан бири қутқарилди
АҚШга тегишли Ф-15 қирувчи самолёти Эрон ҳудудида уриб туширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ахиос нашрига кўра, самолёт бортидаги икки экипаж аъзосидан бири АҚШ махсус кучлари томонидан топилиб, муваффақиятли қутқарилган. Иккинчи аъзони излаш ишлари эса ҳануз давом этмоқда.
Манбаларга кўра, самолёт Эрон томонидан очилган ўт натижасида зарарланган ва экипаж аъзолари катапулта орқали чиқишга улгурган. Қутқарилган ҳарбий хизматчи Эрон ҳудудида топилган.
Айни пайтда Эрон ҳам йўқолган экипаж аъзосини қидиришга киришган. Маҳаллий аҳолига излаш ишларида қатнашиш учун мукофот ваъда қилингани ҳақида давлат телевидениеси орқали эълон қилинган.
Исроил расмийлари АҚШга разведка маълумотлари билан ёрдам бераётганини билдирган. Шу билан бирга, қидирув-қутқарув операциясига халақит бермаслик учун Исроил томонидан режалаштирилган айрим зарбалар бекор қилингани айтилмоқда.
Уриб туширилган Ф-15E Стрике Эагле самолёти икки кишилик экипаж — учувчи ва қурол тизимлари операторидан иборат. Ушбу самолётлар ҳаво-ҳаво ва ҳаво-ер операцияларида кенг қўлланади.
Оқ уй матбуот котиби Каролин Ливит президент Трамп воқеа ҳақида хабардор қилинганини тасдиқлади.
Бундан аввал эса Доналд Трамп Эроннинг ҳаво мудофааси имкониятлари йўқ қилинганини ва АҚШ ҳарбий кучлари “тўхтатиб бўлмас даражада кучли” эканини таъкидлаган эди.
