Трамп рекорд даражадаги 1,5 триллион долларлик ҳарбий бюджетни сўради
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Конгрессдан 2027 молиявий йил учун мудофаа соҳасига 1,5 триллион доллар ажратишни сўради. Бу сумма мамлакат тарихидаги энг йирик молиявий кўрсаткич сифатида қайд этилмоқда, деб хабар берди The New York Times 3 апрель куни.
Трамп бу кескин харажатларни Эрон билан давом этаётган низо ва сарфланган қурол-яроғ захираларини тиклаш зарурати билан изоҳлади. Президент таъкидлашича, мамлакат хавфсизлиги ижтимоий дастурлардан устун. Шу боис у соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим харажатларини штатлар зиммасига юклашни таклиф қилган.
Бюджетнинг асосий қисми — 1,1 триллион доллар стандарт бюджет жараёни орқали, яна 350 миллиард доллар эса бюджетни мувофиқлаштириш механизми орқали ажратилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Оқ уй ички харажатларни 73 миллиард долларга қисқартиришни ҳам таклиф қилмоқда. Қисқартиришлар иқлим, уй-жой ва таълим соҳаларига таъсир қилади, аксинча, куч тузилмалари молияси оширилади — Адлия вазирлиги бюджети 13 фоизга ўсиши мумкин, шунингдек чегара хавфсизлиги ва депортация учун қўшимча маблағлар ажратилади.
Бюджет сўрови икки партия вакиллари орасида шубҳа ва танқидга дуч келди. Асосий эътироз — маъмурият Эрон билан уруш бўйича Конгресс назоратини чеклаб қўйгани. Уруш бешинчи ҳафтасига кирди ва шу каби ижтимоий харажатларни қисқартириш таклифлари 2026 йил бюджети муҳокамасида ҳам рад этилган эди.
Таҳлилчилар огоҳлантиришича, агар бу режа амалга оширилса, кейинги ўн йилда давлат қарзи ўнлаб триллион долларга ўсиши мумкин. Бюджет сўровининг тўлиқ матни ҳозирча эълон қилинмаган.
Шу билан бирга, сўнгги уч ҳафта давомида Эронга қарши АҚШ ва Исроил авиаҳужумлари флоти ва ҳаво мудофаа тизимини издан чиқарган, ўнлаб самолёт ва ракеталар йўқ қилингани маълум қилинмоқда. Ҳужумларнинг илк кунидаёқ олий раҳбар Али Хоминай ва куч тузилмаларининг муҳим вакиллари ҳалок бўлган.
Шунга қарамай, режим сақланиб қолган ва Теҳрон ҳукумат органлари қаршиликни давом эттиришга тайёрлигини билдириб, ўт очишни тўхтатиш учун кафолат талаб қилмоқда. Бу ҳолат АҚШ ва Халқаро ҳамжамият учун стратегик аҳамиятга эга ва келгуси дипломатик жараёнлар учун муҳим сигнал ҳисобланади.
