Жаҳонгир Отажонов: “Солиқ тўлайман, лекин кейин ‘Ўзбекконцерт’ безовта қилмасин”
Хонанда Жаҳонгир Отажонов санъаткорларга солиқ жорий этилиши, “Ўзбекконцерт” билан муносабатлар ва мажбурий хизматлар ҳақида фикр билдирди.
— Солиқ тўлашга розиман, давлатимга пул беришдан қийналмайман. Бу қачон ва қандай тартибда бўлади, вақт кўрсатади. Лекин имкониятим бўлса, бажонидил тўлайман, чунки бу пул юртимга кетади.
Бир савол бор: солиқ тўлагандан сўнг “Ўзбекконцерт”нинг вазифаси нима бўлади? Мустақил ижодкор сифатида улар билан алоқани узиш мумкинми? Илгари лицензия бор эди, энди солиқ тўловчи бўлдик, “Ўзбекконцерт”дан қутулсак бўладими? Мусиқачи сифатида баъзан бу ташкилот фаолиятимга халал бериши мумкин. Шунинг учун ҳақ-ҳуқуқларим тўлиқ ҳимоя қилинсин.
Ҳозир мажбурий ишга жалб қилишмайди, лекин илгари бирон тўйга бормасак, лицензиядан маҳрум қилишарди. Шу сабабли ҳали ҳам “яна нима дейишар экан?” деган хавотир бор.
Ҳаётимдан мамнунман ва агар топганимдан бир қисмини солиқка бериш керак бўлса, розиман. Фақат битта шарт билан: ҳеч ким мени безовта қилмасин. Солиқ тўловчи сифатида мустақил бўлай. Майли, бораман, лекин меҳнатимга яраша ҳақ тўлансин.
Масалан, 200 миллионга тўйга борилса, харажатлар ва хизмат ҳақи чиқиб, қолган соф фойдадан солиқ тўлаш мантиқли бўлади. Ҳам текинга бориб, ҳам солиқ тўлаш нотўғри.
Дунё юлдузлари ҳам солиқ тўламай жиноий жавобгарликка тортилади, лекин уларни ҳеч ким безовта қилмайди. Мени ҳам “Ўзбекконцерт” тинч қўйсин, мажбурламасин. Пулини берсин, хизматини қиламан.
Наврўз тадбирларига ҳам шу нуқтаи назар билан қарайман: халққа хизмат қиламан, лекин бепул ишлаш керак эмас. Ҳаммамиз шу орқали уйимизга нон олиб борамиз. Агар ҳаммаси бепул бўлса, унда ҳаммамиз бир-биримизга бепул хизмат қилайлик, дейди хонанда.
