Трамп Пасха байрамида Эронни бомбардимон қилиш билан таҳдид қилиб, лаънатлади
Доналд Трамп католик ва протестант Пасха байрами муносабати билан 5 апрель куни Truth Social ижтимоий тармоғида агар унинг ултиматуми бажарилмаса, яқин сешанба куни Эронни, жумладан кўприклар ва электр станцияларини кенг кўламда бомбардимон қилишни режалаштираётганини маълум қилди. У ўз хабарида ҳақоратли сўзлардан ҳамда “Аллоҳга ҳамд бўлсин” (“Praise be to Allah” — “алҳамдулиллаҳ”) иборасидан фойдаланган.
АҚШ бир ойдан ортиқ вақт давомида Эронга қарши “Эпик ғазаб” номли ҳарбий-ҳаво операциясини давом эттирмоқда. Шанба куни Оқ уй раҳбари Теҳронга 48 соатлик ултиматум қўйиб, Ҳормуз бўғозини савдо кемалари учун тўлиқ очишни талаб қилди. Эрон эса аввалроқ АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларига жавобан Яқин Шарқдаги ушбу муҳим сув йўлаги орқали ҳаракатни чеклаган эди. Мазкур бўғоз орқали дунё энергия ресурслари савдосининг бешдан бир қисми амалга оширилади.
“Сешанба Эрон учун электр станциялари ва кўприклар куни бўлади. Бу лаънати бўғозни очинг, акс ҳолда дўзахда яшайсиз — ҳушёр бўлинг. Аллоҳга ҳамд бўлсин”, — деб ёзди Трамп (матнда ҳақоратли сўзлар ишлатилган).
Al Jazeera хабар беришича, Теҳрон аввалроқ Трампнинг ултиматум ва таҳдидларини “ожиз, асабий, мувозанатсиз ва аҳмоқона” ҳаракатлар деб атаган. Бу фикрни Эрон Қуролли кучлари “Хатам ал-Анбия” марказий штаби раҳбари, генерал Али Абдоллаҳи Алиабади билдирган.
Ҳарбий амалдорнинг қўшимча қилишича, агар фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилинса, Теҳрон ҳам АҚШ учун “дўзах дарвозаларини” очади.
