Добавить новость
ru24.net
World News in Uzbek
Апрель
2026
1 2 3 4 5 6 7 8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирида пешқадамликни давом эттирмоқда

0

Ўзбекистонлик машҳур шахматчи Жавоҳир Синдоров 7 апрель куни Кипрда ўтказилаётган 2026 йилги Номзодлар турнирининг саккизинчи турида россиялик гроссмейстер Андрей Есипенко билан дуранг қайд этди. Рақиблар 24-юришдан сўнг ўйинни дуранг билан якунлашга розилик билдиришди.

Ҳозирда Синдоров 8 имкониятдан 6,5 очко (5 ғалаба ва 3 дуранг) тўплаб, турнир жадвалида ягона пешқадамликни сақлаб қолмоқда. Ҳатто очко йўқотганига қарамай, у энг яқин рақиби Фабиано Каруана билан орадаги фарқни янада оширди, чунки америкалик гроссмейстер АҚШнинг бошқа вакили Ҳикару Накамурага мағлуб бўлди ва энди Синдоровдан 2 очко орқада қолди.

Учинчи ва тўртинчи ўриндаги Аниш Гири (Нидерландия) ва Рамешбабу Прагнанандҳа (Ҳиндистон) ўртасидаги баҳс ҳам дуранг билан якунланди, улар ҳам юқорига кўтарила олмади. Шунингдек, 5 ва 6-ўринлардаги Маттиас Блюбаум (Германия) ва Вей И (Хитой) ҳам дурангга эришди.

Бугун, 8 апрель куни Синдоров тўққизинчи турда Блюбаумга қарши қора доналарда ҳаракат қилади. Улар биринчи даврада ҳам дуранг қайд этган эдилар.

Есипенко билан баҳсдан кейин берган интервьюсида Синдоров, таваккалчиликка эмас, ишончли стратегияга эътибор қаратганини айтиб ўтди:

«Рақибдан каталонча дебют кутган эдим. Дебютдан сўнг мен тайёрлаган позиция пайдо бўлди ва у менга ёқди. Андрей узоқ ўйлади. Шу пайт тушундимки, агар пиёда қурбон қилмасам, фақат кичик устунликка эга бўламиз, лекин ўйин узоқ бўлади. Шу сабаб ташаббус учун пиёда қурбон қилдим», – деди у.

Унинг фикрича, бу қурбонликдан сўнг позиция анча қулай бўлган ва натижани маъқул деб баҳолайди: «Ўша вазият жуда ёқди. Бугунги натижа мен учун яхши».

Дуранг натижа шахматга таъсир қиладими, деган саволга Синдоров шундай жавоб берди: «Олдин ҳам дуранглар бўлган. Мен учун энг муҳими сифатли шахмат ўйнаш. Имконият пайдо бўлса, ҳар доим рақибга босим қилишга ҳаракат қиламан».

Синдоров партиядаги биринчи юришни бразилиялик футболчи Давид Луиз амалга оширганини ҳам эслаб ўтди: «Мен ҳам, Андрей ҳам футбол мухлисимиз. Бундай меҳмонлар келганда хурсанд бўламиз».

Ўз тайёргарлигининг тарқалиб кетгани ҳақида гапираркан, у гап эски вариантлар ҳақида кетаётгани, шундан сўнг ўзи анча эҳтиёткор бўлиб қолганини қайд этди.

Lichess платформасида тайёргарлик маълумотлари тарқалгани ҳақида сўралганда, Синдоров буни катта муаммо деб ҳисобламайди: «Йўқ, бу муаммо эмас. Ушбу ёзувларни охирги марта қачон очганимни ҳам эсламайман. Аммо Жаҳон кубоги пайтида мухлислар шундай ёзишганди. Шундан кейин анча эҳтиёткор бўлиб, бундай таҳлиллардан фойдаланмайман».

Магнус Карлсен каби дунё юлдузлари эътибори ҳақида сўралганда, Синдоров ташқи баҳоларга чалғимасликка ҳаракат қилаётганини айтди: «Ҳа, иштироким кучли кўринаётганини тушуняпман, аммо бу фақат битта турнир. Мусобақа ҳали давом этмоқда ва мен шундай нарсаларга чалғимасликка ҳаракат қиламан».

Якунда у ватандоши Нодирбек Абдусатторовнинг илиқ сўзларига муносабат билдирди: «Буни эшитиш жуда ёқимли. Биз кўплаб турнирларда бирга ўйнадик ва яқин дўстмиз. У учун хурсандман – учта йирик турнирда ғолиб бўлди. Умид қиламанки, келажакда у ҳам жаҳон чемпиони бўлади».

Маълумот учун, 29 март куни Кипрда бошланган 2026 йилги Номзодлар турнири 15 апрелгача давом этади. Унда дунёнинг 8 нафар кучли гроссмейстери иштирок этиб, икки даврада (жами 14 тур) ўзаро баҳс олиб боришади. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммараджу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс олиш ҳуқуқига эга бўлади.




Moscow.media
Частные объявления сегодня





Rss.plus
















Музыкальные новости




























Спорт в России и мире

Новости спорта


Новости тенниса