Апрелда қор ёғди: тоғли ҳудудларда кутилган ҳолат
Ўзбекистоннинг айрим тоғли ҳудудларида апрель ойи ўрталарига хос бўлмагандай туюлган об-ҳаво кузатилди. 7 апрель куни Қашқадарё вилоятининг тоғли Ғелон ва Майданак қишлоқларида ёмғир ёғиши жараёнида ҳаво кескин совиб, ёғингарчилик қорга айланди. Шу каби ҳолат Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги тоғли ҳудудларда ҳам қайд этилди.
Орадан бир кун ўтиб, 8 апрель санасида Қамчиқ довонида ҳам қор ёғиши кузатилиб, ҳайдовчилар ва йўловчилар учун қўшимча эҳтиёткорлик талаб этилди. Бу каби об-ҳаво ўзгаришлари кўпчиликни ҳайратга солган бўлса-да, мутахассислар бу ҳолатни табиий жараён сифатида баҳоламоқда.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таъкидлашича, баҳор фаслининг ўрталарида ҳам тоғли ҳудудларда ҳаво ҳарорати пасайиши, ҳатто манфий кўрсаткичларга тушиши мумкин. Шу сабабли бу каби жойларда қор ёғиши оддий ҳол сифатида қабул қилинади.
Шу билан бирга, “Ўзгидромет” томонидан 7–9 апрель кунлари Қашқадарё ва Жиззах вилоятларининг тоғли ҳудудларида сел ва сув тошқини хавфи борлиги ҳақида огоҳлантириш берилгани ҳам бежиз эмас. Мутахассислар аҳолини эҳтиёткор бўлишга, айниқса тоғли ҳудудларда ҳаракатланаётганда хавфсизлик чораларига амал қилишга чақирмоқда.
Қисқаси, баҳор ўз “характери”ни яна бир бор кўрсатди — пастликларда гуллар очилаётган бир пайтда, тоғларда қиш ҳали тўлиқ чекинмаган.
