Навоийдаги хусусий боғчада болаларни калтаклаган тарбиячи қўлга олинди
Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизматига кўра, Навоий шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида болаларга нисбатан қўпол муомала қилган ва уларни калтаклаган тарбиячига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Жорий йил 8 апрель куни ижтимоий тармоқларда ушбу боғча тарбиячиси болаларга нисбатан зўравонлик қилгани акс этган видео тарқалган. Ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор суриштирувлар давомида воқеа 7 апрель куни Навоий шаҳар “Янгиариқ” МФЙ ҳудудидаги хусусий боғчада содир этилгани аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, 2003 йилда туғилган тарбиячи Э.Н. ўз гуруҳидаги болаларни тартибга солиш баҳонасида мунтазам равишда уриб, уларга жисмоний ва руҳий босим ўтказиб келган. У болаларнинг ҳимоясиз ҳолатидан фойдаланиб, бир неча бор зўравонлик қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110 моддаси 2 қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
