Озода Нурсаидова мурожаат йўллади: “Фарзандингизни бировнинг уйига ташлаб кетманг!” (видео)
Хонанда Озода Нурсаидова ўзининг Instagram саҳифаси орқали мухлисларига муҳим мурожаат йўллади. У ҳозирги пайтда шогирд қабул қила олмаслигини очиқ айтиб, бу борада ўз фикрларини самимий тарзда баён этди.
Санъаткорнинг таъкидлашича, айрим ота-оналарнинг фарзандларини бегона одамга ишониб топшириши масъулиятсиз қарор ҳисобланади.
“Фарзандларингизни қандай қилиб бировнинг уйига ташлаб кетасиз? Унинг жавобгарлигини ким ўз зиммасига олади? Ахир таълим берадиган ўқитувчилар, топшириладиган имтиҳонлар бор. Ўйлаб гапиринглар, бу жуда жиддий масала”, — дея фикр билдирди у.
Шунингдек, хонанда ҳозирда индивидуал тарзда шогирд тайёрлаш имконияти йўқлигини ҳам қўшимча қилди.
“Мен ҳозир шогирт олмайман. Насиб қилса, вақтим бўш бўлган пайтлари катта курслар очишим ёки университетларда фаолият юритишим мумкин. Аммо ҳозирча индивидуал дарс бериш — катта масъулият, бунга вақт ажрата олмайман”, — деди у.
Озода Нурсаидованинг бу чиқиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
