Сергелида ЙТҲ: Spark ва BYD тўқнашиб, қиз жароҳатланди
Пойтахт — Тошкентнинг Сергели туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси жамоатчилик эътиборини тортди. 10 апрель куни икки автомобил иштирокида юз берган тўқнашув оқибатида вояга етмаган қиз жабрланган.
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса соат 13:50 атрофида ТХАЙ–Қумариқ кўчалари кесишган чорраҳада содир бўлган. 2001 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги Chevrolet Spark русумли автомобил 1973 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги BYD билан тўқнашган.
Тўқнашув зарбаси натижасида BYD ҳайдовчиси рул бошқарувини йўқотиб, автомобилни назоратдан чиқарган. Натижада транспорт воситаси пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган 2012 йилда туғилган қизни уриб юборган.
Ҳодиса оқибатида жабрланган пиёдага воқеа жойида шифокорлар томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Унинг аҳволи юзасидан қўшимча маълумотлар аниқлаштирилмоқда.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Мутасаддилар барча ҳолатларни ўрганиб чиқиб, воқеага ҳуқуқий баҳо беришини маълум қилган.
