Тўқаев ва Мирзиёев Бухорода тарихий меросни бирга зиёрат қилди (фото)
Фото: Президент матбуот хизмати
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан бирга қадимий ва тарихий Бухоро шаҳрининг жаҳонга машҳур меъморий ёдгорликларини зиёрат қилди. Хусусан, Арк қўрғони, Пои Калон мажмуаси ва Лаби Ҳовуз ансамбли олий мартабали меҳмонларга намойиш этилди.
Ташриф давомида меҳмонларга ушбу ноёб тарихий обидаларнинг пайдо бўлиш тарихи, меъморий услуби ҳамда Шарқ цивилизацияси, илм-фан, маданият ва шаҳарсозлик ривожида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.
Дастлаб делегация Бухоронинг кўп асрлар давомида сиёсий ва маъмурий маркази бўлиб келган машҳур Арк қўрғонида бўлди. Тарихий манбаларга кўра, бу қалъа асрлар давомида шаклланган бўлиб, кейинчалик Бухоро ҳукмдорларининг асосий қароргоҳи вазифасини бажарган. Ҳозирги кунда эса у ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро тарихий марказининг энг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади.
Шундан сўнг етакчилар Марказий Осиёнинг энг улуғвор меъморий мажмуаларидан бири бўлган Пои Калон ансамблига ташриф буюрдилар. 1127 йилда барпо этилган машҳур Калон минораси ушбу мажмуадаги энг диққатга сазовор иншоот бўлиб, у асрлар давомида Бухоронинг нафақат меъморий рамзи, балки шаҳарнинг ҳақиқий “ташриф қоғози” сифатида ҳам танилган.
Мажмуа таркибига XVI аср бошларида қурилган Калон масжиди ва Мир Араб мадрасаси ҳам киради. Ушбу тарихий ансамбль Шайбонийлар даври меъморчилигининг энг ёрқин намуналаридан бири сифатида эътироф этилади.
Сўнгра делегация Лаби Ҳовуз мажмуасини ҳам зиёрат қилди. Қадимий ҳовуз атрофида жойлашган бу ансамбл Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоҳни ўз ичига олади. У асрлар давомида нафақат маҳаллий аҳоли, балки сайёҳлар ва олимлар учун ҳам муҳим маънавий марказ бўлиб келган.
Ташриф давомида халқ ҳунармандчилиги, анъанавий безак санъати ва меъморий нақшларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам намойиш этилди. Шу билан бирга, меҳмонларга Бухоронинг Буюк ипак йўли даврида ислом цивилизациясининг йирик илм-фан, таълим ва савдо марказларидан бири бўлгани ҳақида ҳам маълумот берилди.
Алоҳида таъкидландики, Бухоро минтақа учун муҳим маънавий-маърифий марказ бўлиб хизмат қилган. Бу ерда қўшни халқларнинг, жумладан қозоқ зиёлилари ва маърифатпарварларининг кўплаб намояндалари таҳсил олган. Бу эса икки халқ ўртасидаги умумий тарихий-маданий алоқаларнинг муҳим саҳифасини ташкил этади.
Хусусан, қозоқ адабиёти ва маънавияти ривожига ҳисса қўшган Жусуп Кўпеев, Нуржон Наушабаев, Шортанбай Қанай ўғли, Султонмаҳмут Тўрайғиров каби машҳур шахсларнинг Бухоро мадрасалари билан боғлиқ илмий фаолияти алоҳида эътироф этилди.
