Микель Артета: “Борнмут”дан мағлубиятга учраш оғриқли зарба бўлди...
Англия Премьер-лигасининг 32-турида чемпионлик учун курашаётган “Арсенал” ўз майдонида “Борнмут”га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, жуда муҳим уч очкодан маҳрум бўлди. “Канонирлар” нафақат ҳисобда, балки ўйин динамикаси ва назорат жиҳатидан ҳам рақибга етиша олмади.
Ўйиндан сўнг жамоа бош мураббийи Микель Артета ушбу мағлубиятни қаттиқ танқид қилиб, уни “юзга берилган катта зарба” деб таърифлади. Унинг сўзларига кўра, бу натижа жамоа учун руҳий ва спорт жиҳатдан жиддий синов бўлган.
Премьер-лиганинг ҳал қилувчи босқичида “Арсенал” етакчилиги янада беқарор кўриниш олаётган бир пайтда Артета жамоаси бу ўйинни мутлақо омадсиз ўтказганини очиқ тан олди.
— Бу жуда оғриқли мағлубият. Бу биз учун катта зарба. Энди энг муҳим савол — биз бу вазиятга қандай жавоб берамиз?
“Борнмут”га албатта эътироф билдириш керак, чунки улар 11 ўйиндан бери мағлубият кўрмаяпти. Улар ўйинни яхши ташкил қилди. Биз эса биринчи бўлимда рақибни ўқиш ва тўпни қайтариб олишда қийналдик.
Рақиб ўзининг биринчи реал имкониятиданоқ фойдаланиб, жарима майдонимизга кириб келди. Рикошет ва ҳимоядаги ноаниқ ҳаракат голга сабаб бўлди.
Бундай ҳолатда руҳий жиҳатдан тез тикланиш керак эди. Биз ўйинга қайтишга ҳаракат қилдик, пенальтидан гол урдик ва вазият ўзгаради, деб ўйладик. Аммо афсуски, бугун жуда кўп тушунарсиз ва хатоларга бой ҳаракатлар бўлди.
Ҳозиргача жамоа барқарор ўйин кўрсатиб келаётган эди. Футболда эса бундай вазиятлар бўлиб туради — рақиб имкониятлардан тўлиқ фойдаланганини тан олиш керак. Улар кам зарба берган бўлса-да, максимал натижага эришди, биз эса ўз даражамиздан анча паст ўйнадик.
Футболчилар жуда қаттиқ афсусда, бу табиий. Энди эса икки йўл бор: ё тикланиб курашни давом эттириш, ё эса таслим бўлиш. Ҳозир бизга айнан куч ва характер керак.
Бу ҳафта жуда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Ҳали ҳам икки турнирда кураш давом этмоқда, лекин биз албатта янада кучлироқ бўлишимиз шарт, — деди Микель Артета.
