Тошкентда ақлли светофорлар тизими: йўл ҳаракатида янги давр бошланди
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази пойтахтда светофорлар оммавий тарзда янгиланаётгани бўйича расмий тушунтириш берди. Мутахассислар таъкидлашича, шаҳарда замонавий интеллектуал транспорт тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда ва бу ўз навбатида йўл ҳаракатини бошқаришда янги даврни бошлаб бермоқда.
Маълум қилинишича, янги тизим ҳар бир чорраҳани оддий тўхташ нуқтаси эмас, балки транспорт оқимини таҳлил қилиб, уни ақлли бошқарадиган марказга айлантиради.
Светофорлар махсус сенсорлар орқали транспорт ҳаракатини доимий назорат қилади. Агар муайян йўналишда тирбандлик бўлмаса, яшил чироқ ортиқча ишлаб турмайди ва тизим асосий оқим кўпроқ тўпланган йўналишга устуворлик беради.
Шунингдек, тизим автобусларни ҳам аниқлаб, улар жадвалдан орқада қолмаслиги учун светофорнинг яшил фазасини автоматик равишда узайтириши мумкин.
Марказ эски светофор устунларини сақлаб қолиш техник жиҳатдан имконсиз эканини ҳам тушунтирди. Янги стандартларга мувофиқ барча электр кабеллар ва оптик толали алоқа тизимлари ер ости инфратузилмаси орқали ўтказилади. Эски устунлар эса бундай замонавий “яширин тизим” талабларига мос келмайди.
Бундан ташқари, датчиклар ва видеоаналитика камераларининг аниқ ишлаши учун устунлардаги тебраниш минимал бўлиши шарт. Янги конструкциялар эса барқарорликни таъминлаб, маълумотларнинг аниқлигини оширади ва хато ўлчовларни бартараф этади.
Янги рухланган таянчлар зангламайди, узоқ муддат хизмат қилади ва ҳар йили бўяш каби қўшимча харажатларни талаб этмайди.
Марказ фикрича, асосий мақсад — қўлда бошқариладиган тизимдан тўлиқ автоматлаштирилган рақамли транспорт бошқарувига ўтишдир. Бу шунчаки инфратузилмани янгилаш эмас, балки бутун шаҳар ҳаракат тизимини интеллектуал даражага олиб чиқиш ҳисобланади.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай кенг кўламли модернизация эски инфратузилмада амалга оширилиши жуда қийин, шу сабабли босқичма-босқич тўлиқ янгилаш режаси танланган.
