Австралия армиясига илк бор аёл қўмондон тайинланди
Австралия тарихида муҳим воқеа юз берди — генерал-лейтенант Сюзан Койл мамлакат Мудофаа кучлари қўмондони этиб тайинланди. Шу тариқа у ушбу лавозимни эгаллаган илк аёл сифатида тарихга кирди. Бу ҳақида “Al Jazeera” хабар берди.
Маълум қилинишича, Койл ушбу лавозимда истеъфога чиққан собиқ қўмондон Саймон Стюарт ўрнини эгаллади. У бунгача заҳира қўшинлари корпусига раҳбарлик қилиб келган.
Қарийб 40 йиллик ҳарбий фаолиятга эга бўлган Койл Афғонистон ва Яқин Шарқдаги халқаро операцияларда муҳим ролларни бажарган. У, жумладан, АҚШ билан ҳамкорликда ўтказилган ҳарбий амалиётларда иштирок этган.
Бош вазир Энтони Албанезе ушбу тайинловни тарихий қадам деб атаб, бу қарор армияда аёллар улушини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ҳозирда Австралия Мудофаа кучларида юқори лавозимларнинг 18,5 фоизини аёллар эгаллаган. Ҳукумат 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 25 фоизга етказишни режалаштирмоқда.
