Тошкент вилоятида 10 кунда икки қотиллик содир этилди
Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида 10 кун ичида икки нафар шахс пичоқлаб ўлдирилгани қайд этилди. Бу ҳақда “Миллар” кўрсатувида хабар берилган.
Биринчи ҳолат 2 апрель куни ярим тун вақтда содир бўлган. Маълумотларга кўра, кафе ҳудудида икки йигит ўртасида оғзаки жанжал келиб чиққан ва гумонланувчи марҳумнинг кўкрак ҳамда қўл қисмига пичоқ билан зарба берган. Натижада йигит воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Иккинчи ҳолат эса 11 апрель куни кечқурун кузатилган. Сартарошлик билан шуғулланган йигит ёшлар ўртасида чиққан жанжални тинчлантириш мақсадида ташқарига чиққан ва шу пайтда пичоқланган. Жабрланувчи шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.
Ҳар икки ҳолат бўйича маҳалла аҳолиси ва яқинлар марҳумларни ижобий фазилатли инсон сифатида эслаб, бундай фожиаларга ёшлар орасида назоратсизлик сабаб бўлаётганини таъкидламоқда. Айрим гувоҳлар эса ота-оналарни фарзандлари устидан назоратни кучайтиришга чақирган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) асосида жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчиларга айблов эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Андижон вилояти Булоқбоши туманида 17 ёшли мактаб ўқувчиси танишини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, вояга етмаган шахс процессуал тартибда ушланган.
