“Толибон” ёш йигитни электр токи орқали ўлдирди
Кеча, 13 апрель куни Афғонистоннинг Қобул шаҳрида Сеяр исмли ёш йигит “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари томонидан калтакланиб, электр токи орқали қийноққа солинганидан сўнг ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда “Hashte subh” ахборот манбаси хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа Сеярнинг оғзаки тортишуви ва кейинчалик юзага келган жанжалдан сўнг содир бўлган. Шундан кейин у “Толибон” вакиллари томонидан ушлаб кетилиб, шаҳар полиция бўлимига олиб борилган.
Гувоҳлар ва манбалар маълумотига кўра, Сеяр бўлим ичида оғир даражада калтакланган ва кейинчалик электр токи ёрдамида қийноққа солинган.
Шундан сўнг, “Толибон” вакиллари унинг отаси билан боғланиб, келиб ўғлини олиб кетишини маълум қилган. Йигитнинг отаси уни зудлик билан шифохонага олиб борган, бироқ Сеяр бир неча кун ўтгач вафот этган.
Марҳумнинг яқинлари ҳам унинг ўлими содир бўлганини тасдиқлаган.
