"Тошкент тўй оши"га географик кўрсаткич мақоми берилди
Пойтахт ва унинг атроф ҳудудларига хос бўлган миллий таом — “Тошкент тўй оши” расман географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Маълум қилинишича, мазкур қарор нафақат таомнинг номини, балки уни тайёрлашнинг анъанавий усуллари ва ўзига хос жиҳатларини ҳам ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилади. Эндиликда “Тошкент тўй оши” бренди давлат томонидан ҳимоя қилиниб, унинг сифати белгиланган стандартларга мувофиқ бўлиши кафолатланади.
Тарихий ва этнографик манбаларга кўра, Тошкент воҳасида палов тайёрлаш анъаналари асрлар давомида шаклланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келган. Айниқса, тўй оши тайёрлаш жараёни ўзига хос маросим ва маҳорати билан ажралиб туради. У оддий таом эмас, балки бир неча илмий қонуниятлар — иссиқлик тақсимоти, маҳсулотлар уйғунлиги ва пишириш технологиялари мужассам бўлган мураккаб жараёндир.
Одатда тўй оши эрта тонгда, катта ҳажмда ва махсус яримшар шаклидаги қалин деворли чўян қозонларда тайёрланади. Бу жараёнда таомнинг мазаси, ҳиди ва кўринишига алоҳида эътибор қаратилади, бу эса уни бошқа ҳудудлар паловидан фарқлаб туради.
Эслатиб ўтамиз, географик кўрсаткич — бу муайян маҳсулотнинг айнан маълум ҳудудга тегишли эканини ҳамда унинг сифат ва хусусиятлари шу жой билан бевосита боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк шакли ҳисобланади.
