Туркияда ўқувчи мактаб ичида отишма уюштириб ўзини ўлдирди
Туркияда сўнгги бир сутка ичида мактабларда юз берган иккинчи қуролли ҳужум қайд этилди. Бу сафар воқеа Қаҳрамонмараш вилоятидаги ўрта мактабда содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумни шу мактабнинг 8-синф ўқувчиси амалга оширган. Унинг ёнидан бешта тўппонча топилгани билдирилмоқда. У аввал мактаб ҳовлисида ҳавога ўқ узган, кейин эса бинога кириб отишни давом эттирган.
Кейинчалик ҳужумчи ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда. Тахминларга кўра, қуроллар у собиқ полициячи бўлган отасидан олган бўлиши мумкин.
Вилоят ҳокими Муккаррам Унлюэр маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида 3 нафар ўқувчи ва 1 нафар ўқитувчи ҳалок бўлган, яна 20 киши жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир кун аввал Шонлиурфа вилоятининг Сиверек туманидаги лицейда ҳам қуролли ҳужум содир бўлиб, 18 киши яраланган ва ҳужумчи ўз жонига қасд қилган эди.
