Россия Бош вазири Туркияга нисбатан санкциялар рўйхатини тасдиқлади
Ҳукумат расмий сайтида эълон қилинган рўйхатда Туркиядан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш 1 январдан тақиқланиши назарда тутилган. Шунингдек, 1 декабрдан бу мамлакат билан ҳаво алоқаси узилган.
Россиядан Туркияга газ сотишни ёки рус мутахасислари томонидан қурилаётган Туркиядаги Акқўй атом электр станциясидаги ишларни тўхтатиш санкцияда назарда тутилмаган.
Бироқ “Газпром” ширкатидаги икки манба Ройтер агентлигига ширкат Туркияга газ сотиш ёки сотмаслик масаласида президент Владимир Путиннинг кўрсатмасини кутаётгани ҳақида маълумот берган.
Туркия энергоресурсларнинг асосий қисмини Россиядан сотиб олади.
Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар турк ҳарбийлари томонидан 24 ноябрда рус ҳарбий самолёти уриб туширилганидан сўнг ёмонлашиб бормоқда. Анқара Сурияда ҳарбий амалиётни ўтказаётган рус самолёти Туркия чегарасини бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирмоқда. Россия эса бу билдирувни инкор қилиб, самолёт Сурия ҳудудида турк ҳарбийлари томонидан уриб туширлганини иддао қилаётир.