ОЧИҚ ХАТ
![ОЧИҚ ХАТ](https://nuz.uz/uploads/posts/2019-01/thumbs/1548247436_images.jpg)
Мамлакатимизда барча соҳалардаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳар биримиздан янгича ташаббус, янгича услубда ишлашни тақозо этмоқда. Маълумки, жорий йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Маълумки, фармонда “Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди. Кимдир ўқиб ўрганса, кимдир кўриб ва яна кимдир эшитиб ўрганади. Шу сабабли биз ҳуқуқни ўрганиш учун турли воситалардан фойдаланишимиз жоиз. Президентимизнинг ушбу муҳим фармонини амалга ошириш механизми бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларига қуйидаги ташаббусни тақдим этамиз: Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида ва кейинги ўринларда туман (шаҳар) марказларида “Конституция хиёбони” барпо этиш таклиф қиламиз. Бунда: ушбу хиёбоннинг марказига Конституция китобининг ҳолдаги рамзий монументини ўрнатиш; унинг атрофига давлат рамзлари (байроқ, герб, мадҳия) ҳақидаги маълумотларни одамларни ўзига жалб қиладиган тасвирларда жойлаштириш; хиёбон марказига элтувчи олтита йўлак ташкил қилиш (бунда Конституциянинг олти бўлими асос қилиб олинади. Масалан, Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши бўлимида Олий Мажлис палаталари биносининг макети, уларнинг тузилмаси, тарихи, мақсад ва вазифалари ҳақида, шунингдек, суд ҳокимиятига бағишланган бобида одил судлов, суд тизими, судларнинг институционал бўлиниши, уларнинг вазифалари, судьялар ваколатлари ва мажбуриятлари кўргазмали воситалар орқали кўрсатиб берилади. Шу билан бирга, Конституцияда белгиланган фуқароларнинг бурчлари, мажбуриятлари ва ҳуқуқлари кўргазмали тарғибот паннолари орқали ёритилади); йўлаклар четига Конституциянинг олти бўлими бўйича моддаларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида электрон таблоларга ўрнатиш; йўлаклар бўйлаб ўриндиқлар, музқаймоқ, салқин ичимликлар, ҳуқуқий кутубхона, юридик адабиётлар дўкони, умумий овқатланиш, маданий кўнгилочар, спорт ва бошқа тўгараклар ташкил қилиш; ўриндиқлар ёнига инновацион кўринишга эга бўлган кичик ҳажмдаги китоб жавонларини ўрнатиш ва уларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларини, шунингдек, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишлаб чоп этилган турли хилдаги буклет, флаер ва брошюраларни жойлаш; йўлаклар бўйлаб замонавий кўринишдаги радиокарнайлар ва инновацион ёритиш чироқларини ўрнатиш; куннинг иссиқ пайтларида хиёбон ҳавосини мўътадиллигини таъминлашда олти йўналишдаги йўлаклар орасига фавворалар қуриш ҳамда яшил ҳудуд (гуллар, манзарали дарахтлар, газон) ташкил этиш; хиёбон маркази бўйлаб тарқалган олти йўналишдаги йўлакчаларни туташтирувчи айлана шаклидаги яхлит йўлакда велосипед йўлакчаси (велотрек)ни барпо этиш; хиёбон ҳудудида “Open-Air” (очиқ ҳаводаги) кинотеатр ташкил этиш ва унда ҳуқуқий билимларни тарғиб қилувчи мультипликацион, ҳужжатли ва бадиий фильмлар, шунингдек, ижтимоий роликлар намойиш қилиб бориш; радиоузел орқали куну тун давомида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари ҳақидаги маълумотларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида майин мусиқа садолари остида бериб бориш; радиоузел орқали ҳар 1 соатнинг бошида сайр қилувчиларнинг онгига сингдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб туриши таклиф этилади. “Конституция хиёбони” яратилиши натижасида аудиовизуал воситалар ёрдамида аҳолининг Конститиция ва бошқа қонунларнинг мазмун моҳиятини янада кенгроқ ва чуқурроқ билишларига шароит яратилади ва қизиқишларини орттиради. Қолаверса, никоҳдан ўтаётган ёш келин-куювларга сайр қилиш ва фотосессиялар учун шароитгина бўлмасдан, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади. Энг асосийси, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишда инновацион ёндашувга эришилади. Яъни, фуқаролар ушбу хиёбонда маданий хордиқ чиқариш билан бирга, Конституция ва бошқа қонунларни кўргазмали воситалар орқали бир йўла кўриш, ўқиш ва эшитиш имкониятига эга бўладилар. Бу эса уларнинг ҳуқуқий билимларини янада оширишларига самарали хизмат қилади. Шунингдек, ушбу хиёбонларда таълим муассасалари тарбияланувчилари, ўқувчилар ва талабаларнинг ҳам ҳуқуқий билимларини оширишда сайёр-амалий ўқув машғулотлари ўтказиш имконияти яратилади. Шу билан бирга, шаҳар ва туманлар кўринишига жозибадор қиёфа бериб, ички ва ташқи туризм ривожига ҳам ҳисса қўшилади. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси