Англия чемпиони "Эл Класико" вақтида “Реал”нинг икки юлдузини кузатади
Англия Премьер-лигасининг амалдаги чемпиони — “Ливерпуль” жамоаси Испаниядаги энг кутилган баҳс — “Эль-Класико”да махсус скаутларини иштирок эттиришга қарор қилди. Клуб вакиллари 26 октябрь куни “Сантьяго Бернабеу” стадионида бўлиб ўтадиган “Реал Мадрид” ҳамда “Барселона” ўртасидаги титанлар тўқнашувини жонли равишда кузатишади.
Defensa Central’нинг маълум қилишича, скаутлар “Реал”нинг икки ёш ярим ҳимоячиси — Орельен Тчуамени ва Эдуардо Камавингани диққат билан кузатади. Манбага кўра, мерсисайдликлар уларни келгуси мавсум учун асосий трансфер мақсади сифатида белгилаган.
“Ливерпуль” раҳбариятининг фикрича, Тчуамени ва Камавинга ҳозирги кунда ўз позицияси бўйича Европадаги энг юқори даражадаги ижрочилардан ҳисобланади. Клуб спорт директори ва мураббийлар штаби уларнинг ўйин услуби “Ливерпуль”нинг келгуси стратегиясига тўлиқ мос келишини таъкидламоқда.
Франциялик икки футболчи сўнгги мавсумларда “Реал”нинг марказий зонасида асосий кучга айланди. Улар нафақат ҳимояда, балки ҳужумни ташкил этишда ҳам катта рол ўйнашади. “Ливерпуль” бу икки футболчини жамоанинг узоқ муддатли қайта қуриш режаси доирасида кўриб чиқмоқда.
Маълумотларга кўра, мерсисайд клуби ёзда улардан бири учун расмий таклиф йўллашни режалаштираётган экан. Бироқ бу осон кечмайди — “Реал” раҳбарияти ҳар икки ёш юлдузни стратегик футболчилар деб билади ва уларни сотиш нияти йўқ.
Шу билан бирга, Европа трансфер бозорида “Ливерпуль”нинг скаутлари жуда фаол ҳаракат қилмоқда. Клуб кейинги мавсумда ярим ҳимоя чизиғини тубдан янгилашни кўзламоқда. Англия чемпионининг бош мураббийи ярим ҳимояда янги қувват ва рақобат яратишни муҳим вазифа сифатида белгилаган.
Тчуамени ва Камавинга учун “Ливерпуль”дан ташқари бошқа топ клублар — “Манчестер Сити” ва “Пари Сен-Жермен” ҳам қизиқиш билдиргани айтилмоқда. Аммо мерсисайдликлар уларни жамоанинг келажаги сифатида кўришмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Реал Мадрид” ва “Барселона” ўртасидаги 26 октябрь куни бўладиган навбатдаги “Эль-Класико” жаҳон футболининг энг кўп кутилган учрашувларидан бири ҳисобланади. Ушбу беллашув Тошкент вақти билан соат 20:15 да старт олади.
Футбол экспертлари бу ўйин нафақат жамоаларнинг чемпионлик учун курашида муҳим бўлишини, балки Тчуамени ва Камавинга каби ёш юлдузлар учун янги тарихий имконият бўлишини ҳам таъкидлашмоқда. “Ливерпуль” скаутлари эса шубҳасиз, уларнинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатади.
