Офсайд инқилоби яқин: Венгер қоидаси футболни ўзгартиради
Футбол қоидаларида навбатдаги катта янгилик остонада турибди. Халқаро футбол федерацияси — ФИФА ҳамда Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши — IFAB офсайд қоидасига туб ўзгартиш киритиш масаласини жиддий кўриб чиқмоқда. Ташаббус муаллифи эса Лондоннинг "Арсенал" клуби собиқ бош мураббийи, машҳур мутахассис Арсен Венгер ҳисобланади.
Таклиф этилаётган янги қоидага кўра, футболчи фақат бутун танаси билан охирги ҳимоячидан тўлиқ ўтиб кетган тақдирдагина офсайд ҳолати қайд этилади. Яъни ҳозирги амалдаги қоидадаги миллиметрлар билан ўлчанадиган баҳсли вазиятлар камайиши, ҳужумкор футболчиларга эса кўпроқ эркинлик берилиши кутилмоқда. Мутахассислар бу янгилик ўйин динамикаси ва голлар сонига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидламоқда.
Маълумотларга қараганда, IFAB 20 январь куни Лондонда ўтадиган йиллик йиғилишда Венгер илгари сурган таклифни муҳокама қилади. Февраль ойида эса мазкур ғоя Бош Ассамблея кун тартибига киритилиши режалаштирилган. Агар таклиф маъқулланса, янги офсайд қоидасини 2026/2027 йилги мавсумдан расман жорий этиш режаси бор.
Эслатиб ўтиш жоиз, Арсен Венгер 2019 йилдан буён ФИФА тизимида футболни ривожлантириш бўйича директор сифатида фаолият олиб бормоқда. Унинг ташаббуси нафақат қоидаларни соддалаштириш, балки футболни янада томошабоп ва адолатли қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли. Агар режалар амалга ошса, яқин йилларда футбол майдонларида бутунлай янги офсайд даври бошланиши мумкин.
