«Ньюкасл» «Кристал Пэлас»ни икки гол билан таслим қилди
АПЛнинг 20-тури доирасида «Ньюкасл» ўз майдонида «Кристал Пэлас»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув стартда мезбонлар юқори прессинг билан рақибни сиқди ва ҳужумга тезроқ ўтиб турди.
19-дақиқада Энтони Гордон гол урган эди, бироқ VAR текширувидан сўнг офсайд қайд этилиб, гол бекор қилинди. Шундан кейин ҳам «қарғалар» тўп назоратини ушлаб, жарима майдони атрофида кўпроқ кўриниш берди. «Кристал Пэлас» эса асосан позицион ҳимояга таянди ва хавфли вазиятларни камроқ яратди.
Иккинчи бўлимда ўйин суръати ошди, кураш янада кескинлашди. Меҳмонлар стандарт вазиятлар орқали имкон излашга уринди, аммо ҳал қилувчи паллалар учрашув якунига яқин келди.
71-дақиқада Бруно Гимараэс узатмани якунлаб, ҳисобни очди. Орадан кўп ўтмай, 78-дақиқада Малик Тиав қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келиб, фарқни иккитага оширди. Шундан сўнг «Ньюкасл» ўйинни хотиржам якунлаб, ғалабани қўлдан чиқармади.
Нюкасл – Кристал Пэлас 2:0
Голлар: Гимараэс 71, Тиав 78
Статистикага кўра, мезбонлар тўпга эгалик қилишда 59% кўрсаткич қайд этди, «Кристал Пэлас»да эса бу 41% бўлди. Ўйинни 51 979 томошабин кузатди.
“Ньюкасл” АПЛдаги 20-турдан сўнг 29 очко билан жадвалда 9-ўринда, “Кристал Пэлас” эса 27 очко билан 14-ўринда бормоқда.
