Гвардиола Чемпионлар лигаси олдидан «Сити» йўқотишларини санади
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Чемпионлар лигасида «Галатасарой»га қарши бўладиган навбатдаги учрашувда жамоага ёрдам бера олмайдиган футболчилар рўйхатини маълум қилди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассиснинг айтишича, Марк Гехи, Антуан Семеньо ва Родри бу ўйинда майдонга туша олмайди. Шунингдек, Нико Гонсалес, Савио ҳамда Жон Стоунс ҳам учрашувга тайёр бўлмайди. Гвардиола жароҳатлар ва тайёргарлик муаммолари сабаб рўйхат анча узунлигини таъкидлади.
Мураббий жамоа ҳозирча кучли саккизликдан ташқарида эканини эслатиб, мухлислар қўллаб-қувватлаши «Сити»га топ-8га кириш учун зарур туртки беришига умид билдирди.
Гвардиола бу масалада ҳаммаси фақат «Манчестер Сити»нинг ўзига боғлиқ эмаслигини, бироқ саккизликка даъво қилиш учун аввало ўз учрашувида албатта ғалаба қозониш кераклигини қайд этди.
Чемпионлар лигаси умумий босқичининг сўнгги тури доирасидаги «Манчестер Сити» — «Галатасарой» ўйини 28 январ куни 01:00 да (Тошкент вақти билан) старт олади.
