Нагельсманн Нойернинг қайтиши ҳақида аниқ фикр билдирди
Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн дарвозабон Мануэл Нойернинг миллий жамоага эҳтимолий қайтиши мавзусига муносабат билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
ОАВда ҳануз «Бавария» сардори, яқинда 40 ёшни қарши оладиган тажрибали посбонни яна терма жамоага чақириш мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар тўхтагани йўқ. Айрим тахминларга кўра, у Жаҳон чемпионати олдидан бундестимнинг дарвозабонлар борасидаги муаммосини юмшатиб бериши мумкин.
«Мен бу масала бўйича позициямни аниқ айтганман, Ману ҳам ҳаммасини равшан қилиб қўйган. У терма жамоадаги фаолиятини якунлаган. Ҳозир ҳам “Бавария”да ўз ишини жуда яхши бажаряпти, бироқ бизда Бауманн деган бошқа ажойиб дарвозабон бор. Оли шу даражада ўйнашда давом этса, Жаҳон чемпионатини ҳам юқори савияда ўтказади», — деди Нагельсманн Kicker билан суҳбатда.
Мануэл Нойер 2024 йилда Германия терма жамоасидаги фаолиятини тугатган.
