Она Ватанга хизмат қилиш, унинг ҳар бир қарич ерини муқаддас билиб эъзозлаш, шу заминда истиқомат қилаётган инсонларни қадрлаш, ўзини уларнинг фаровон ҳаёти ва тинчлик-осойишталиги учун масъул деб билиш ҳақиқий юрт фарзандига хос фазилатлардир. Айни шу хислатларни ҳаётнинг асосий мезони деб билган 20 мингдан ортиқ ёшлар 2018 йилда Ички ишлар вазирлиги Академиясига ўқишга кириш мақсадида мурожаат этдилар. Бу йил мазкур олий даргоҳга ўқишга қабул қилиш тест синовларисиз, тавлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида 3 босқичда, яъни дастлабки танлов, махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат кўринишида амалга оширилганлигини таъкидлаш лозим. Дастлабки танловдан 9 мингдан кўпроқ номзод муваффақиятли ўтган. Бу эса ўтган йилга нисбатан деярли 3 баробар кўпдир. Махсус касбий танлов тадбирларини юқори даражада ўтказилиши учун кичик комиссиялар ташкил этилган ва уларнинг таркибига республикамиз вазирлик ва идоралари билан келишилган ҳолда малакали мутахассислар жалб қилинган. Танлов жараёнида адолат, ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида турли идоралар ва жамоат ташкилотлари кузатувчилар ҳам жалб қилинган, инновацион ёндашувлар қўлланган ҳолда синовлар жараёни видеога олинган. Ундан ташқари, ёзма иш ҳамда чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолашда номзодларнинг исм-фамилиялари махсус карточкалар ёрдамида шифрланган. Натижада махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтган 4 мингдан ортиқ номзод якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилган. Ўтказилган танловлар жараёнида Академия томонидан номзодларнинг нафақат ўзларига, балки уларнинг ота-оналари ва яқинларига ҳам қулай шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, кутиб ўтириш ва овқатланиш жойлари ҳамда салқин ичимликлар расталари ташкил қилинган. Шуни таъкидлаш жоизки, шиддат билан ўзгариб бораётган давр ҳар биримиздан янгича дунёқарашни, замонавий билим ва маънавий интеллектни, юртга дахлдорлик ҳисси билан яшашни талаб этмоқда. Ички ишлар вазирлиги Академиясида амалга оширилган ислоҳотлар ушбу соҳада хизмат қилиш истагини билдирган ёшларнинг ҳар бирини ватанпарварлиги, дунёқараши, тафаккури, кенг фикрлаш қобилияти, касбга оид билимини чуқурроқ ўрганиш имкониятини берди. Ушбу йўналишдаги ишларни сифатли ва самарали ташкил этиш ҳамда амалга ошириш келгусида ички ишлар органлари сафига халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган, фидойи, жонкуяр ва етук малакали мутахассис кадрларни тайёрлашга хизмат қилиши аниқ. Шавкат Ортиқ, мустақил эксперт