Москва прокуратураси Apple раҳбаридан “Навальний” иловасини блоклаб қўйишни сўради
Айни мазмундаги хат Yandex бош директори Елена Бунинага ҳам жўнатилган. Прокуратура IT-ширкатлар раҳбарларидан зудлик билан Россиянинг сайловга оид қонунчилиги бузилишига чек қўйиш чораларини кўришни сўраган.
Прокуратура iPhone телефонлари ва Android амалиёт тизими учун яратилган “Навальний” иловасини қонунга хилоф, деб ҳисобламоқда. Мазкур илова шу йилнинг сентябрь ойига белгиланган Давлат Думасига ва минтақавий парламентларга сайловлар олдидан Навальний жамоаси “Ақлли овоз бериш” лойиҳаси доирасида қайси номзодларни танлаганини фойдаланувчиларга етказиши керак.
Прокуратура ўз мактубида Навальнийнинг қатор лойиҳалари Россияда экстремистик деб топилгани ва тақиқланганини эслатган. Улар фикрича, бу тақиқ иловага ҳам тааллуқли.
23 июнь куни “Роскомнадзор” Google’га мурожаат қилиб, лойиҳа сайтига техник хизмат кўрсатишни тўхтатишни сўраган. Мазкур ташкилот “Навальний” иловасини “сайловларга аралашиш” дея баҳолаб, Apple ҳамда Google’га жарима ва жиноий таъқиб билан дўқ қилмоқда.
Apple ва Google раҳбарлари прокуратура мактубига жавоб бердими, йўқми – бу маълум қилинмаган.