Тожикистонда афғон қочқинлари учун лагерь қурилади
Туман маъмурияти вакилининг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, лагерь қуриш учун Хирмонжо ва яна икки қишлоқ танлаб олинган.
“Евроиттифоқ элчиси бу жойларни бориб кўради, шундан сўнг лагерь айнан қаерда қурилиши аниқ бўлади”, деган исми сир қолишини истаган манба.
Хатлон вилояти раиси ёзда ўтказилган матбуот анжуманида халқаро ташкилотлар кўмаги билан Жайҳун туманида афғон қочқинлари учун лагерь қурилишини айтган эди.
Аввалроқ Евроиттифоқ Тожикистонда бўлиб турган афғон қочқинларига 160 минг евро ажратишини эълон қилган. ЕИнинг 14 сентябрдаги баёнотида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош Хатлон вилояти ҳамда Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида 5000 нафаргача афғон қочқини бошпана топгани ҳақида сўз борган.
Толиблар Афғонистон шимолига ҳужум қилганидан сўнг минглаб афғон қочқини Тожикистон ва бошқа қўшни мамлакатларга қочиб ўтган. Уларнинг бир қисми, хусусан ҳарбий хизматчилар Афғонистонга қайтариб юборилган, қолганлар эса Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва бошқа минтақаларда сақланмоқда.
Евроиттифоқ, БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари маҳкамасига таянган ҳолда, “2021 йил охиригача Тожикистонда 50 минг нафаргача қочқин қайд этилиши мумкин”лигини маълум қилган.
Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси узунлиги 1400 километрни ташкил этади.