А. Комилов АҚШ ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этди
ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда А. Комиловдан ташқари АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон бош дипломатлари қатнашганлар.
Тадбир чоғида вазирлар иқтисодиёт, минтақавий хавфсизлик, террорчилик ва экстремизмга қарши кураш, COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этиш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашганлар.
Шунингдек, улар Афғонистондаги вазият кўриб чиқишиб, гуманитар инқирознинг олдини олиш учун афғон халқига ёрдам кўрсатиш, бу мамлакатнинг минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини таъминлайдиган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш зарурлигини таъкидлаганлар.
Учрашувда Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги алоҳида қайд этилган.
Марказий Осиёдаги беш мамлакат ҳамда АҚШнинг самарали ҳамкорлиги йўлида тузилган "C5+1" гуруҳи учрашувлари 2015 йилдан бери ўтказиб келинади. Гуруҳнинг илк учрашуви Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди.